محمد صادق محمد یوسف · Oʻzbek, Ўзбек, أۇزبېك‎

1.То. Син. Мим
19.Ва нонкўрлардан бўлиб, қиладиган ишингни қилиб қўймадингми?!» деди. (Фиръавннинг миннатларидан асосий мақсади–Мусо алайҳиссалом олиб келган динни инкор қилиш эди. Қўлимизда катта бўла туриб, энди, бизга, динимизга ва мулкимизга қарши чиқасанми? Янги дин келтирдим, деб даъво қиласанми? Бизнинг қавмимиздан бир кишини ўлдириб қўймадингми)
21.Бас, сизлардан хавфсираб қочиб кетдим. Кейин Аллоҳ менга ҳикмат берди ва мени Пайғамбарлардан қилди. (Ўша қитбтий менинг бир Бани Исроиллик қабиладошим билан уришаётган экан. Қабиладошим мендан ёрдам сўради, мен уега ёрдам бераман деб қибтийни бир урсам ўлиб қолди. Сўнгра хатони тушундим)
35.У ўз сеҳри билан сизларни ерингиздан чиқармоқчи, нима дейсизлар?», деди. (Худонинг динига қарши чиққан, Аллоҳнинг йўлидаги даъватчиларни ўзига душман билган туғёнкорларнинг доимий гапларидан бири. Атрофидаги гумашталарига ва содда халққа даъватчини хавфли қилиб кўрсатади ва уларни қўрқитади)
37.Сенга барча ўта билимдон сеҳргарларни олиб келсинлар», дедилар. (Бу таклиф Фиръавнга маъқул тушди. Зотан, у атрофидагилардан айнан шу жавобни кутган эди. Бошқа сура ва оятлардан биламизки, Мусо алайҳиссалом билан сеҳргарларнинг мусобақалашадиган жойи, вақти ва бошқа шартлари келишиб олинади. Фиъравн шаҳарларга одамларини юбориб, сеҳргарларни тўплатиб келади)
45.Сўнгра Мусо асосини ташлаган эди, бирдан у уларнинг уйдирмаларини юта бошлади. (Сеҳргарлар арқонларини ташлаганида, илонга айланмаган, уларнинг найранги туфайлигина кишилар кўзига шундай кўринган эди, холос. Кейин Мусо алайҳиссалом асоларини ташладилар ва у аждарга айланиб, Фиръавн сеҳргарларининг асо ва арқонларини юта бошлади)
129.Ва худди мангу туражакдек «маснаълар» тутаверасизми?. (Оятдаги «маснаълар» сўзи ҳозирги араб тилида завод-фабрикалар маъносида ишлатилмоқда. Од қавми улкан қасрлар қуриш, тоғларни ўйиб ишлаш ва бошқа фахр учун кўтарадиган биноларида фойдаланадиган асбоб-ускуналарни ишлаб чиқарадиган ишхоналарга эга эди, «масонеълар»дан мурод ўшалар, оятда қурилишларга доир очиқ-ойдин маъно бор)
154.Сен бизга ўхшаган башардан бошқа ҳеч нарса эмассан. Агар ростгўйлардан бўлсанг, оят-мўъжиза келтир», дедилар. (Самуд қавми уларга Аллоҳнинг гапини етказган Пайғамбарлари Солиҳга алайҳиссалом, алғов-далғов гапирмоқдасан, аниқ сеҳрлангансан, деб туҳмат қилдилар. Кофирлар наздида, Аллоҳнинг йўлига чақирувчилар доимо мажнун ёки сеҳрланган бўлиб кўринади)
189.Бас, улар у(Шуайб)ни ёлғончи қилдилар. Бас, уларни «соябон» куни азоби тутди. Албатта, у улуғ куннинг азоби эди. ( Аллоҳ таоло Айка халқини азобга дучор этишни ирода қилганида ҳавони ўта иситиб юборди. Шунда пастлаб келаётган булут пайдо бўлди. Булут уларга соябон бўлиб кўринди. Ҳаммалари ўзларини булут соясига урдилар. Жиноятчи қавмнинг ҳаммаси булут соясига кириб бўлгандан сўнг, бирдан чақмоқ чақиб, булутдан ўт-олов чиқиб уларни ҳалок этди)
213.Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳга илтижо қилма. Йўқса, азобланганлардан бўлурсан. (Пайғамбарнинг (с. а. в.) Аллоҳга ширк келтиришлари мутлақо мумкин эмас. Аммо бу оятда ширкнинг нақадар улкан гуноҳ эканлигини англатиш учун фаразан шу маъно келтирилган. Пайғамбардек (с. а. в.) зот ширк келтириб, азобдан қутула билмаса, бошқаларнинг ҳоли нима бўлишини билиб олиш қийин эмас
227.Магар иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганлар, Аллоҳни кўп зикр этганлар ва мазлум бўлганларидан кейин нусрат қозонганлар (ундай эмаслар). Зулм қилганлар эса, тезда қайси ағдарилиш жойига ағдарилишларини билурлар. (Ҳамма шоир ҳам ҳар водийда дайдийдиган, беамал гапирадиган бўлавермас экан. Агар шоир иймонли, яхши амалли, Аллоҳни кўп эсга оладиган, ўзини хор қилмай, ҳаққини таниган, золимлар устидан ғолиб келадиган бўлса, Аллоҳнинг розилигини топган шоир бўлиши мумкин)