محمد صادق محمد یوسف · Oʻzbek, Ўзбек, أۇزبېك‎

1.Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар
18.Биз осмондан ўлчов ила сув тушириб, уни ерга жойлаштирдик. Албатта, Биз уни кетказишга ҳам қодирдирмиз. (Осмондан ўлчов ила сув тушириб, уни ерда қарорлаштириш ҳам Аллоҳ таолонинг ишидир. Ким керакли миқдорда осмондан сув тушира олади? Ердаги ҳамма сув осмондан ўлчов билан тушгандир. Ортиқча ҳам эмас, кам ҳам эмас. Шунинг ўзини ибрат назари билан ўйлаган одам иймонга келиши керак. Сувни келтирган зот кетказа олмасмиди? Аллоҳ таоло сувни кетказишига далил сифатида баъзан маълум жойларни сувдан бебаҳра қилиб қўяди. Ўша ерда қурғоқчилик бўлиб, ҳамма нарса ҳалокатга юз тутади. Ана шу қурғоқчилик ҳодисалари ҳам Аллоҳ таолонинг қудратига далолат қилади. Улар ҳам одамларни иймонга чақирадиган ибратли нарсалардир)
27.Бас, Биз унга: «Бизнинг кўз ўнгимизда ва ваҳийимиз ила кема яса. Бас, Бизнинг амримиз келиб, таннур фаввора бўлганда, у(кема)га ҳар бир турдан бир жуфтдан ва аҳлингни чиқар, магар кимнинг зиддига олдин сўзимиз ўтган бўлса (чиқарма). Зулм қилганлар ҳақида Менга хитоб қилма. Албатта, улар ғарқ қилингувчилардир
32.Бас, уларнинг ичига ўзларидан бўлган Пайғамбарни: «Аллоҳга ибодат қилинг. Сиз учун Ундан ўзга илоҳ йўқдир, наҳотки, қўрқмасангиз», деб юбордик. (Эътибор берадиган бўлсак, бу Пайғамбар ҳам Нуҳ алайҳиссаломнинг сўзларининг айнан ўзини такрорламоқда. Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор илоҳ йўқлигини таърифламоқда ва Аллоҳга иймон келтирмай юриш қўрқинчли эканини уқтирмоқда)
47.Бас, улар: «Ўзимизга ўхшаган икки башарга иймон келтирамизми?! Ҳолбуки, уларнинг қавми бизга қуллик қилгувчи бўлиб турибди-ку?! « дедилар. (Яъни, қандай қилиб ўзимизга ўхшаган, қўлимизда қул бўлиб турган Бани Исроил қавмининг икки одамига Пайғамбар деб иймон келтирамиз, дедилар)
50.Ибн Марямни ва унинг онасини оят-аломат қилдик ва икковларини оқар сувли қароргоҳ тепаликка жойладик. (Ийсо ибн Марям алайҳиссаломни ва у кишининг оналари Биби Марямни Аллоҳ Ўз қудратига далолат қилувчи мўъжиза-аломат ўлароқ юборди ва Байтул Мақдис еридан оқар суви бор, бир тепаликка жойлади)
71.Агар ҳақ уларнинг ҳавойи нафсларига эргашса, албатта, осмонлару ер ва улардаги кимсалар фасодга учрар эди. Йўқ! Биз уларга ўз шарафларини келтирдик. Улар эса, шарафларидан юз ўгирмоқдалар. (Ҳақ битта, яъни, Аллоҳнинг динидир. Ҳамма ҳаққа эргашмоғи лозим. Чунки ҳақ битта, одамларнинг ҳавойи нафслари эса, чексиздир. Инчунин, ҳавойи нафс ила ҳақиқатга эришиб бўлмайди. Қачон ҳавойи нафснинг кўйига тушилса, фасодга учралади. Аллоҳдан келган ҳақ–Ислом одамларни йўлга солиши керак. Аммо одамлар у ҳақдан–Исломдан юз ўгирмоқдалар. Ҳақни–Исломни ҳавойи нафсларига эргаштиришни истайдилар. Биз келтирган Қуръон–Ислом–ҳақ улар учун шарафдир. Ким ҳаққа эргашса, амал қилса, шон-шарафга эга бўлади)
89.«Аллоҳникидир», дерлар. Сен: «Қандоқ ҳам сеҳрланмоқдасиз-а?!» деб айт. (Агар ўша нарсалар Аллоҳники эканини билсангиз, нима учун Аллоҳга иймон келтирмаяпсиз?! Кофир ҳолингизда юрибсиз? Буни фақат сеҳрланган одам қилиши мумкин, холос. Сиз қандоқ ҳам сеҳрлангансиз-а?! Ушбу саволлар мушрикларга, Аллоҳга ширк келтирадиганларга берилмоқда. Бунда Аллоҳга турли-туман бут-санамларни ширк келтирадиганлар ҳам, аҳли китоб бўла туриб, Аллоҳга баъзи шахсларни ширк келтирадиганлар ҳам баробардирлар. Чунки уларнинг ҳаммаси Аллоҳдан бошқа ҳеч бир зот бирор нарсани ярата олмаслигини, бирор нарсага молик бўла олмаслигини билгани ҳолда, Аллоҳнинг ваҳдониятига эмас, ширкка қараб юрадилар. Улар бу ишни ҳужжат-далил йўқлигидан қиладиларми)
91.Аллоҳ ҳеч бир фарзанд тутмаган, У билан бирга ҳеч бир илоҳ бўлмаган. Шундоқ бўлганида, ҳар бир илоҳ ўзи яратган нарсаси билан кетиб, баъзилари баъзиларидан устун келар эди. Аллоҳ улар қилаётган васфдан пок бўлди. (Яъни, Аллоҳдан бошқа яна илоҳ бўлганида, у ҳам ўзига бирор нарсаларни яратган бўлар эди. Оқибатда ҳар бир илоҳ ўзи яратган нарсани ўзича тасарруф қилавериб, дунёнинг низоми бузилар эди. Ҳар бир илоҳ ўзиникини ўтказаман деб уриниши натижасида ораларида низо чиқар, баъзилари баъзиларидан устун келар эди. Дунё низоми бузилар эди. Бу ақида Аллоҳдек зотга айб, нуқсонни васф қилишдир)
101.Бас, қачонки сурга пуфланганда, у кунда ораларида на насаб қолур ва на бир-бирларини суриштирурлар. (Яъни, қиёматдан дарак бергувчи сурга пуфланган пайтда ҳар ким ўзи билан овора бўлиб, одамлар орасида наслу насаб алоқалари қолмас. Балки ҳамма отаси, онаси, ака-укаси, бола-чақасидан қочадиган бўлиб қолади)
117.Ким Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳга илтижо қилса, бу хусусда ҳеч бир далили йўқдир. Бас, унинг ҳисоби фақат Роббининг ҳузуридадир. Албатта, кофирлар нажот топмаслар. (Аллоҳга бошқа илоҳни шерик этганлар, ҳеч бир далил-ҳужжатсиз ширк келтирган бўладилар. Ундоқ одамлар билан Аллоҳ таоло Ўзи билиб ҳисоб-китоб қилади. Суранинг аввалида мўминларнинг, албатта, нажот топишлари айтилган эди. Суранинг охирида эса, кофирларнинг нажот топмасликлари таъкидланмоқда. Ва ниҳоят, охирги оятда Аллоҳ таолодан раҳмат ва мағфират сўраш тавсия қилинмоқда)