محمد صادق محمد یوسف · Oʻzbek, Ўзбек, أۇزبېك‎

1.Алиф. Лоом. Ро. Ушбулар китобнинг ва равшан Қуръоннинг оятларидир
16.Батаҳқиқ, Биз осмонларда буржлар қилиб қўйдик ва уни назар солувчилар учун зийнатлаб қўйдик. (Осмон ҳамманинг кўз ўнгида турибди. Лекин ҳамма ҳам осмонни Аллоҳнинг қудратига далолат қилувчи буюк мўъжиза деб тушунавермайди. Аслида, у мўъжизадир. Хўш, шундай улкан, бепоён, чексиз осмонни ким яратган? Яратганда ҳам, юлдузлар юрадиган йўллар–буржлар билан ким яратган? Албатта, Аллоҳ яратган)
22.Биз шамолларни урчитувчилар этиб юбордик. Бас, осмондан сув тушириб, у ила сизларни сероб қилдик. Сизлар уни тўплаб олувчи эмассиз. (Яъни, Биз шамолларни ўлчов билан булутларни урчитувчи, бир-бирига қўшиб сув ҳосил қилувчи этиб юбордик. Асосан, ёмғирнинг ёғишига шамоллар сабаб бўлади. Улар маълум қоидаларга кўра эсади. Пайдо бўлган булутларнинг бир-бирлари ила қўшилишларидан сув ҳосил бўлади. Ана шундан кейин осмондан сув тушади, ёмғир ёғади. Аллоҳ таоло у сув билан ер юзини, одамларни сероб қилади. Деярли ҳамма ризқ осмондан тушган шу сувга боғлиқ бўлади. Инсон эса, Аллоҳ тайёр ҳолда унга осмондан тушириб берган сувни тўплаб олишга ҳам қодир эмас. Уни тўплашни ҳам булоқ, қудуқ, анҳор, ер ости кўллари ва бошқа воситалар орқали Аллоҳ таолонинг Ўзи амалга оширади)
44.Унинг етти эшиги бордир. Ҳар бир эшик учун улардан тақсимланган бўлаги бордир» деди. (Баъзи ривоятларда келишича, жаҳаннам етти қаватдан иборат бўлиб, ҳар қаватининг алоҳида эшиги бўлар экан. Ҳар қавати бир-биридан ашаддийроқ бўлар экан. Чунки гумроҳлик, хатокорлик ҳам ҳар хил бўлади. Қилган гуноҳи даражасига қараб кофирлар турли қаватларга киритилади. Шайтонга эргашган гумроҳлар тақсимлаб, бўлиб-бўлиб, гуруҳларга ажратиб қўйилган бўлади. Ўша мазкур етти эшикдан гуноҳининг кўп-озлигига қараб бирин-кетин киритилаверадилар)
47.Уларнинг дилларидаги ғилли-ғиштларни чиқариб ташладик. Сўриларда бир-бирларига боқиб, дўст бўлган ҳолларида ўлтирурлар. (Инсон қанчалик моддий роҳат-фароғатга эришмасин, кўнглида бир оз ғашлик бўлса, унга ўша роҳат-фароғат татимайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло Ўз раҳмати ила жаннатга сазовор қилган тақводор бандаларининг дилларида ғашликлар, яъни, ҳиқду ҳасад, кўра олмаслик каби баъзи бир иллатлар бўлса, чиқариб ташлайди)
70.Улар: «Биз сени оламлардан қайтармаганмидик?!» дедилар. (Лут (а. с.) уларни ўтакетган фаҳш иш бўлмиш баччабозликдан қайтарганлар, кимларнидир ҳимоя қилганлар ва жиноятчи қавм у кишига оламда ҳеч кимни ҳимоя қилмасликни айтиб таҳдид солган. Улар ҳозир Лутга (а. с.) ораларида аввал бўлиб ўтган ўша гап-сўзларни эслатмоқдалар
76.Албатта, у(шаҳар) боқий йўл устидадир. (Яъни, Лут (а. с.) қавми ҳалокатга учраган шаҳарнинг вайроналари ҳозиргача боқий йўл устидадир. У орқали одамлар Ҳижоз билан Шом ўртасида қатнайдилар. Жумладан, Макка аҳли ҳам Шомга борганларида ва у ердан қайтганларида, шу йўлдан юрадилар
91.Қуръонни парча-парча қилганларга. («Қуръонни парча-парча қилган тақсимловчилар» деганда аҳли китоб яҳудий ва насоролар назарда тутилгандир. Улар ўзларига келган илоҳий китобларни тақсимлаб, бир қисмига иймон келтириб, бир қисмига иймон келтирмаган эдилар. Энди Қуръонни ҳам парча-парча қилиб, ўз фикрларига мос келганини олиб, тўғри келмаганини тарк этмоқчи бўлмоқдалар)
94.Бас, сенга амр этилган нарсани юзага чиқар ва мушриклардан юз ўгир. (Ушбу оят нозил бўлгунга қадар Расулуллоҳ (с. а. в.) одамларни динга сирли-яширин равишда даъват этар эдилар. Бу оятдаги «юзага чиқар» деган амрга мувофиқ ошкора даъватни бошладилар. Мушрикларнинг гап-сўзларига эътибор бермай қўйдилар