محمد صادق محمد یوسف · Oʻzbek, Ўзбек, أۇزبېك‎

1.Тоҳо
39.«Уни тобутга сол, уни эса, дарёга ташла. Дарё уни соҳилга отсин. Уни Менинг душманим ва унинг душмани оладир», дедик. Ва сенга Ўзимдан муҳаббат солдим. Буни Менинг кўз олдимда етиштирилишинг учун (қилдим). (Мусонинг онаси Аллоҳ берган илҳом билан уни сандиққа солиб, сувга оқизиб юборади. Мусонинг Ўз кўзи остида вояга етиши учун душман Фиръавннинг уйига уни жойлаштирган, қалбига унинг муҳаббатини солган Зот онанинг фарзанд фироқида қийналишига ҳам барҳам берди. Мурғак Мусо аёлларнинг биттасини ҳам эммай қўйди. Мусонинг опасини Фиръавн саройига юбориб, шу болани эмизадиган аёл бор, деб айтишни буюради)
40.Ўшанда опанг юриб бориб: «У (Мусо)ни кафилликка оладиганларга далолат қилайми? « деган эди. Бас, Биз сени кўзи қувониши ва хафа бўлмаслиги учун онангга қайтардик. Ва бир жонни ўлдирдинг. Бас, Биз сени ғамдан қутқардик ва турли синовлар ила синадик. Сўнгра Мадян аҳли ила йилларга қолдинг ва тақдирга биноан келдинг, эй Мусо
52.У: «Уларнинг илми Роббим ҳузурида, китобдадир. Роббим адашмас ва унутмас. (Яъни, ўтган асрлар ҳақидаги барча илм Роббим ҳузуридаги китобда ёзилгандир. Қанча асрлар ўтиб, қанча одамлар яшаб, нима ишлар қилган бўлсалар, ҳамма-ҳаммаси Роббим ҳузурида турибди, китобда ёзилган. Шунга қараб жазолайди ёки мукофотлайди)
55.Сизларни ундан яратдик, унга қайтарамиз ва яна бир бор ундан чиқариб оламиз. (Яъни, Биз сизларни ердан яратдик, ўлганингиздан сўнг яна унга қайтарамиз. Қиёмат куни эса, сизларни қайта тирилтириб, ердан чиқариб оламиз. Эй Фиръавн, сен ҳам одамсан, сенинг ҳам бошингга шу кун тушади)
60.Бас, Фиръавн қайтиб кетди, сўнгра ҳийласини йиғиб келди. (Ояти карима, учта ҳолатни тасвир этмоқда. Фиръавн Мусо алайҳиссалом билан бўлган учрашувдан қайтиб кетди. Кейин ҳийласини йиғди–ҳамма кучли сеҳргарларини тўплади. Сўнгра яна қайтиб келди. Тортишув, мусобақага тайёргарлик ниҳоясига етди)
69.Қўлингдаги нарсани ташлагин, уларнинг қилган ҳунарини ютиб юбораур. Уларнинг қилган ҳунари сеҳргарнинг ҳийласи, холос. Сеҳргар қаерда бўлса ҳам, зафар топмас», дедик. (Фиръавнлар ва уларнинг гумашталари-сеҳргарлари доимо ҳийла-найранглар ила халқнинг кўзини бўяб келганлар. Уларнинг ботили ҳақ кўринмаган пайтда ўтади, холос. Ҳақ келганида, ботил йўқ бўлади. Сен Роббингдан ҳақ келтирдинг, энди уларнинг ботили йўқолади. Аллоҳ таолонинг амри ила Мусо алайҳиссалом қўлларидаги асони ерга ташладилар. У сеҳргарларнинг ҳунарини ютиб юборди)
71.У: «Сизга изн бермасимдан олдин унга иймон келтирдингизми?! Албатта, у сизга сеҳр ўргатган каттангиздир! Бас, албатта, қўл-оёқларингизни қарама-қаршисидан кесурман ва, албатта, сизларни хурмо танасига осурман, албатта, қайси биримизнинг азобимиз шиддатлироқ ва боқийроқ эканини билурсиз», деди. (Фиръавн ўз қаричи билан ўлчар эди. У таҳдид, азоб-уқубат, қийнаш, чопиш-кесиш, ўлдириш билан одамларни измимда ушлаб тураман, деб хаёл қиларди. Аммо инсоннинг қалбига ҳақиқий иймон кирганида, унинг бу чоралари заррача ҳам таъсир қилмай қолишини англамасди. Унинг собиқ сеҳргарлари қалбига ана шундай иймон жо бўлган эди. Энди улар Фиръавннинг ҳеч қандай дўқ-пўписаларидан қўрқмасдилар)
77.Батаҳқиқ, Биз Мусога: «Сен бандаларим ила кечаси йўлга туш, уларга денгиздан қуруқ йўл оч, етиб олишларидан хавф қилма ва қўрқма», деб ваҳий қилдик. (Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг амрини амалга оширди. Бани Исроил билан кечаси йўлга чиқдилар. Денгизга бордилар, асолари билан уриб, йўл очдилар. Аллоҳнинг амри ила денгиз иккига ёрилиб, қуруқ ер–йўл очилди. Бани Исроил эсон-омон ўтиб олди)
85.У зот: «Батаҳқиқ, Биз қавмингни сендан кейин фитнага дучор қилдик. Сомирий уларни адаштирди», деди. (Бани Исроилга ҳурлик оғир келди, уни кўтара олмади. Жумладан, энг нозик ва аҳамиятли масала–иймон-эътиқод масаласида ҳам. Мусо алайҳиссалом илк бор тарк этишлари биланоқ залолатга кетдилар. Сомирийга эргашиб, бузоқнинг ҳайкалини худо қилиб олдилар)
87.Улар: «Биз сенга берган ваъдага ўз ихтиёримиз ила хилоф қилмадик. Лекин бизга (у) қавмнинг зийнатидан оғирликлар юкланган эди. Бас, уларни ташладик, Сомирий ана шундай илқо қилди», дедилар. (Тақинчоқларни оловли чуқурга ташлашган экан, Сомирий уларни эритиб, бузоқ шаклига солиб, мана шу сизларнинг худоингиз, унга ибодат қилинглар, деса, ибодат қилиб кетаверишибди. Уларнинг фикрича, бу ихтиёрларидан ташқари иш эмиш)
88.Бас, у (Сомирий) уларга бўкирадиган бузоқ шаклини чиқариб берди. Улар: «Мана шу сизнинг илоҳингиз ва Мусонинг ҳам илоҳи, фақат у унутди», дедилар. (Сомирий уларга тилла тақинчоқлардан овоз чиқарадиган бузоқ ҳайкали ясаб, шу ҳайкал сизнинг илоҳингиз, Пайғамбаримиз Мусо бизга буни айтмади, деган хаёлга борманг. Мусонинг илоҳи ҳам шу бузоқ. Аммо, Мусо буни унутиб қўйиб, тоққа излаб чиқиб кетди, деди. Улар бу гапни такрорладилар)
96.У: «Улар кўрмаган нарсани кўрдим. Бас, Расулнинг изидан бир сиқим олдим, сўнгра уни ташладим. Ҳавои нафсим менга шундай қилишни хуш кўрсатди», деди. (Сомирийнинг Бани Исроил кўрмаганини кўргани–Жаброилнинг алайҳиссалом ҳаёт отига миниб келишлари. «Расул»дан мурод Жаброил алайҳиссалом. Изидан олинган бир сиқим эса, Жаброил алайҳиссалом миниб келган отнинг туёғи тагидан олинган тупроқ. У тупроқни сочган жойи эса, Бани Исроилнинг зеб-зийнатлари тўплаб қўйилган жой. Сомирий ана шу ишларни қилганида зийнатлар бузоққа айланиб, ундан овоз чиқадиган бўлибди. Мен ҳеч нарса қилганим йўқ, ёмон ниятим ҳам йўқ эди, кўнглимга тушган ишни қилсам, ўзларидан ўзлари эргашиб кетишаверди, демоқчи бўлди)
97.У: «Бас, жўна! Кет! Энди сенга бу ҳаётда «тегиш йўқ» дейишинг бор, холос. Албатта, сенга хилоф қилмайдиган ваъдамиз бор. Ўзинг ибодатида бардавом бўлган илоҳингга назар солиб қўй. Биз уни, албатта, куйдирурмиз, сўнгра денгизга сочиб юборурмиз. ( Бани Исроилда, «тегиш йўқ» номли қувғин жазоси бор эди. Ўша жазога маҳкум бўлган шахс билан ҳеч ким алоқа қилмас, ҳатто гаплашмас ҳам эди. У ёлғизлик азобида ўлиб кетар эди)
102.У кун сурга пуфланадиган кундир. Ўша кунда жиноятчиларни кўзлари кўк бўлган ҳолда тўплармиз. (Kиёматнинг келганини билдириб, сур чалинади. Ўша қиёмат кунида кофирлар-жиноятчиларни Аллоҳ таоло қўрқувдан юзлари қорайиб, кўзлари кўкариб кетган кетган ҳолларида маҳшарга жамлайди)
104.Биз нима деяётганларини яхши билгувчимиз. Ўшанда уларнинг энг тўғри йўлдагиси: «Бир кундан ортиқ турганимиз йўқ», дейдир. (Демак, охират азобларини кўрган кофирлар гарчи бу дунёда узоқ йиллар роҳат-фароғатда кун кечирган бўлсалар ҳам, яшаган муддатлари оз кўриниб кетади)
113.Шундай қилиб, Биз уни арабий Қуръон этиб нозил этдик. Шоядки тақво қилсалар ёки уларда эслаш пайдо қилса, деб унда қўрқинчли ваъдаларни баён қилдик. (Ушбу арабий Қуръонда кўплаб қўрқинчли ваъдаларни ҳам баён этдик. Бундан мақсадимиз, шояд одамлар тақво қилсалар, куфр ва ёмонликлардан сақлансалар, қўрқинчлик ваъдалардан эслатма олсалар)
114.Ҳақ Подшоҳ–Аллоҳ олий бўлди. Сенга ваҳийи битгунча Қуръон (тиловати)га ошиқма ва: «Роббим, илмимни зиёда қилгин», дегин. (Пайғамбаримиз (с. а. в.) унутиб қўйишдан хавфланиб, ваҳий тушган пайтида Қуръони Карим оятларини Жаброилга алайҳиссалом қўшилиб, ўқиб турар эдилар. Бу эса, қийинчилик туғдирарди. Яъни, эй Муҳаммад, Жаброил ваҳийни сенга охиригача ўқиб бермагунича, Қуръонни тиловат қилиб, оятларни ўқишга шошилма. Олдин Жаброил тўлиқ ўқиб берсин, кейин сен ўқийсан
115.Батаҳқиқ, илгари Биз Одам билан аҳдлашган эдик. Лекин у унутди. Унда азму қарор топмадик. (Биз қадимда Одам билан буйруққа бўйсуниш–дарахтдан емаслик ҳақида аҳдлашган эдик. Аммо Одам аҳдни унутди ва дарахтдан еб қўйди. У шайтоннинг иғвосига сабр қила олмади. Азму қарорида турмади)
120.Бас, шайтон уни васваса қилди. У: «Эй Одам, мен сенга абадият дарахтини ва битмас-туганмас мулкни кўрсатайми?» деди. ( Роббинг манави дарахт мевасидан ейишингни ман қилган бўлса, сенинг абадий яшашингни, мулкинг бардавом бўлишини хоҳламаганидандир, бу дарахтнинг мевасидан есанг, ҳеч ўлмайсан, мулкинг йўқолмайди, деди)
130.Бас, улар айтаётган нарсаларга сабр қил. Роббингга қуёш чиқишидан олдин ва ботишидан олдин тасбиҳ ва ҳамд айт. Шунингдек, кечанинг бир қисмида ва кундузнинг атрофида ҳам тасбиҳ айт. Шоядки рози бўлсанг. (Эй Муҳаммад, шундай экан, кофир ва мушрикларнинг нохуш гап-сўзларига, сўкишларига, иғво-бўҳтонларига сабр қил. Доимо Роббингга тасбиҳу ҳамд айт. Қуёш чиқишидан олдин ҳам, қуёш ботишидан олдин ҳам Роббингга тасбиҳ ва ҳамд айт. Кечанинг бир қисмида ҳам Роббингга тасбиҳ айт, кундузнинг атрофида ҳам. Намоз ўқи. Албатта, рози бўласан. Роббинг ҳам сендан рози бўлади)
133.Улар: «Бизга Роббидан оят-мўъжиза келтирса эди», дейдилар. Ахир, уларга аввалги саҳифалардаги нарсаларнинг баёноти келмадими? (Кофир ва мушриклар, Муҳаммад Роббидан бир лол қолдирувчи мўъжиза келтирса эди, дейдилар. Ахир, Қуръонда аввалги умматларга келган нарсаларнинг баёни келди-ку. Шу уларга кифоя қилмайдими)