محمد صادق محمد یوسف · Oʻzbek, Ўзбек, أۇزبېك‎

1.Ўз бандасини кечаси Масжидул Ҳаромдан атрофини баракали қилганимиз Масжидул Ақсога оят-мўъжизаларимизни кўрсатиш учун сайр қилдирган зот пок бўлди. Албатта, У эшитгувчи ва кўргувчи зотдир
5.Бас, ўша икки(бузғунчилик)дан биринчисининг ваъда вақти келганда, устингизга шиддатли куч-қудратга эга бандаларимизни юбораурмиз. Бас, улар ҳовли-жойларни оралаб кезарлар. Бу қилиниши лозим ваъда эди. (Турли имконларга эга бўлиб, муқаддас ерда юксаладилар. Сўнгра бузғунчиликга ўтадилар. Сизга қилмишингизнинг жазосини куч-қувватга эга бандаларимиз беради, сизларни топиб, азоблаб ўлдирадилар. Улардан қочиб қутула олмайсиз)
7.Агар яхшилик қилсангиз, ўзингиз учун яхшилик қиласиз. Агар ёмонлик қилсангиз ҳам, ўзингиз учундир. Бас, кейинги (бузғунчиликнинг) ваъда вақти келганда, юзингизни қора қилишлари учун, масжидга аввал кирганларидек киришлари учун ва эгаллаган нарсаларини тамоман парчалашлари учун (бандаларимизни юборамиз). (Сиз ўзингизнинг қилмишингиз ила ўша ваъданинг юзага чиқишига сабаб бўлганингизда... У бандаларимиз шиддатли куч-қувват эгалари бўладилар. Улар масжидга–Байтул Мақдисга аввал қандай кирган бўлсалар, шундай кирадилар ва ўзлари эгаллаган нарсаларни тамоман парчалаб йўқ қилиб ташлайдилар)
11.Инсон яхшиликка дуо қилганидек, ёмонликка ҳам дуо қилур. Инсон шошқалоқ бўлгандир. (Яъни, иймонсиз, Қуръон ҳидоятидан маҳрум бўлган ҳар бир инсон ўзини яхшиликка урганидек, ёмонликка ҳам ураверади. Чунки у нима яхши ва нима ёмон — ажрата олмайди. Шунингдек, яхшилик тилаб дуо қилганидек, ёмонлик тилаб ҳам дуо қилаверади. У аввал ёмонликни англаб етмайди, англаган чоғида ҳам ундан ўзини тўхтата олмайди)
16.Қачон бир шаҳарни ҳалок этишни истасак, унинг маишатпарастларини (итоатга) амр қилурмиз, бас, улар у(шаҳар)да фисқ қилурлар. Шунда унга «сўз» ҳақ бўлур. Бас, Биз у(шаҳар)ни мутлақо вайрон қилурмиз. (Ҳар бир юртнинг маишатпарастлари бор. Улар каттакон амалдорлар ва ҳар хил нозу неъматга кўмилган кишилар тоифасидир. Фазилат, муқаддас нарса, гуноҳ ёки савоб каби тушунчалар уларнинг хаёлига ҳам келмайди. Кўнгиллари тусаган ишни қилишга ўрганиб қоладилар. Кўнгиллари эса, доимо фисқу фасодни, ҳаром маишатни тилайди. Аъёнлари шу даражага етишига томошабин бўлиб турган халқдан ҳам яхшилик кутилмайди. Бундай юрт ҳалок бўлишга сазовордир)
19.Ким охиратни истаса ва унга эришиш учун мўмин бўлган ҳолида керакли ҳаракатини қилса, бас, ана ўшаларнинг ҳаракатлари мақбулдир. (Яъни, одам охиратда яхши натижага эриштирадиган ишларни қилиши, охиратда жаҳаннамга дучор этадиган ишларнинг яқинига йўламаслиги лозим бўлади)
20.Барчага–манавиларга ҳам, анавиларга ҳам Роббингнинг атою неъматларидан чўзамиз. Роббингнинг атою неъматлари ман бўлган эмас. (Барча бандаларга, яъни, охиратни истаган, иймонга келиб, ибодат қилиб, керакли саъй-ҳаракатларни қилганларга ҳам, дунёни истаб, иймонга келмай, исён қилиб, гуноҳкор бўлиб юрганларга ҳам Робингнинг атою неъматларидан берамиз)
21.Баъзиларини баъзиларидан қандай афзал қилиб қўйганимизга назар сол. Албатта, охират даражаси ва афзаллиги каттароқдир. (Бу дунёда баъзи одамларга кўпроқ неъмат тегса, бошқаларидан афзал бўлиб юраверадилар. Аммо бу ҳоллари ҳақиқий афзаллик, ҳақиқий юксак мартаба эмас. Охиратнинг даража ва афзаллиги ҳақиқийдир. Чунки бу даража ва афзалликлар абадий қолажакдир. Ўзини билган одамлар ана ўша афзаллик ва ана ўша даражага эришиш учун ҳаракат қиладилар)
23.Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишнигни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «уфф» дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт! (Бу жумланинг «уфф» сўзига боғлиқ икки хил маъноси бор. Бир маъноси — ота-онага ёмон сўз айтиб, беҳурмат қилма, дегани бўлса, иккинчи маъноси — ота-онанг олдида «уфф» дема, улар болам оғир ҳолга тушибди, деб озорланадилар, деганидир)
28.Агар улардан Роббингдан раҳмат талаб қилган ҳолда юз ўгирадиган бўлсанг, бас, уларга мулойим сўз айтгин. (Kўлингда берадиган нарсанг бўлмаса, ота-она, қариндош, мискинларга моддий ёрдам бера олмай юз ўгирадиган бўлсанг, Роббингдан келажакда сенга ҳам ризқ-рўз–раҳмат талаб қилган ҳолда уларга ширин сўз айт. «Ўзимда ҳеч вақо йўқ-ку, сенларга нимани берар эдим! каби қўпол сўзларни айтиш яхши эмас. «Кечирасизлар, ҳозир бир оз қўлим қисқароқ бўлиб турувди, Аллоҳнинг раҳматидан умидвормиз, бизга ҳам неъматидан бериб қолса, инша Аллоҳ, сизларга ҳам берамиз», каби ширин сўзлар айтиш керак)
29.Қўлингни бўйнингга боғлаб олма. Уни бир йўла ёзиб ҳам юборма. Яна маломат ва ҳасратда ўтириб қолмагин. (Бахил одам кутилмаганда ҳамёнимга қўл солиб, бировга пул бериб юбормай, деб қўлини бўйнига боғлаб олган кишига ўхшатилмоқда. ҳар бир нарса тавозин ила меъёрида қилиш тавсия этилади. Бир нарсани жуда ошириб ҳам юборилмайди ёки, аксинча, жуда йўқ даражага ҳам тушуриб қўйилмайди. Балки ўртача меъёрида адо этилади)
32.Ва зинога яқинлашманглар. Албатта, у фоҳиша иш ва ёмон йўлдир. (Оятда «зино қилманглар» эмас, балки «зинога яқинлашманглар» дейилмоқда. Бу дегани, зино қилманглар, дегандан кўра қаттиқроқдир. Мўмин-мусулмон одам зино қилиш тугул, унинг яқинига ҳам йўламаслиги керак. Зинога олиб борувчи нарсалардан ҳам узоқда бўлиши лозим)
40.Роббингиз сизларга ўғилларни хос қилиб бериб, фаришталарни ўзига қиз қилиб олдими? Албатта, сизлар зўр гапни айтмоқдасизлар. (Араб мушриклари қиз фарзандни ҳеч ёқтирмас эдилар. Бошқа оятларда зикр қилинганидек, улардан қиз кўргани қаттиқ хафа бўлиб, юзи қорайиб кетар эди. Kиз фарзанд тўғрисида шунчалар салбий эътиқодда бўла туриб, араб мушриклари, фаришталар Аллоҳнинг қизлари, деб эътиқод қилишар эди. Ояти каримада уларнинг мазкур нотўғри ақидалари инкор этилмоқа)
42.Сен: «Агар, улар айтганидек, У билан бирга бошқа илоҳлар бўлганида, улар Арш эгаси томон йўл излардилар», деб айт. (Бу оят мушрикларнинг Аллоҳдан бошқа ибодатга сазовор турли илоҳлар бор, деган даъволарига раддиядир. Фаразан, мушриклар айтаётганидек, Аллоҳ таоло билан бирга бошқа илоҳлар бўлса эди, ўша илоҳлар Арш эгаси бўлмиш Аллоҳ томон, унга яқинлашаман деб ёки унинг мулкига соҳиб бўламан, деб йўл излаган бўлар эдилар)
44.Унга етти осмону ер ва улардаги кимсалар тасбеҳ айтур. Унинг ҳамди ила тасбеҳ айтмаган ҳеч бир нарса йўқ. Лекин уларнинг тасбеҳини англамассизлар. Албатта, у ҳалийм ва сермағфират зотдир. (Араб тилида тасбиҳ айтиш «Аллоҳни поклаб ёд этиш» маъносини англатади. Ушбу ояти карима бутун борлиқ, барча мавжудот Аллоҳ таолони айбу нуқсондан поклаб тасбиҳ айтишини таъкидламоқда)
47.Биз улар нима сабабдан тинглаётганларини, улар сени тинглаётганларида ўзаро пичирлашаётганларини, золимларнинг: «Сизлар сеҳрланган кишига эргашяпсиз, холос», деганларини ҳам яхши билурмиз. (Улар Қуръондан манфаат олиш, ҳидоят топиш учун эмас, масхара қилиш, айб топиш учун эшитадилар)
51.Ёки кўнгилларингизда катта кўринган бошқа бирон махлуқ бўлиб олинглар», деб айт. Бас, улар: «Бизни ким қайта тирилтирур», дерлар. Сен: «Сизларни биринчи марта йўқдан бор қилган Зот», дегин. Улар сенга бошларини қимирлатурлар ва: «У қачон бўлур?» дерлар, Сен: «Шояд яқинда бўлса», дегин
54.Роббингиз сизларни яхши билгувчи зотдир. Хоҳласа, сизга раҳм қилар, хоҳласа сизни азоблар. Ва Биз сени улар устидан қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ. (Қиёмат куни ҳамма бир хил бўлиб, титраб-қақшаб, фақат Аллоҳга ҳамд айтишдан бошқа нарсага тили бормай тургани билан, Аллоҳ ҳар бир банданинг кимлигини, нима қилганини ипидан-игнасигача яхши билади. Ҳа, бу дунёдаги ишларни ҳисоб-китоб қилиш, уларга яраша мукофот ёки жазо бериш Аллоҳ таолонинг ишидир. Пайғамбарга эса, Аллоҳнинг таълимотини бандаларга етказиш топширилган, холос)
55.Роббинг осмонлару ердаги кимсаларни яхши билгувчи зотдир. Батаҳқиқ, Биз баъзи Пайғамбарларни баъзиларидан афзал қилдик. Ва Довудга Забурни бердик. (Мисол учун, баъзиларига китоб нозил қилдик, баъзиларига нозил қилмадик. Айримларига кўп ва катта мўъжизалар, айримларига оз ва кичик мўъжизалар бердик ва ҳоказо. «Ва Довудга Забурни бердик». Бу ҳам Пайғамбарларнинг бирини бошқасидан афзал қилганимиз намунасидир)
57.Ана ўша дуо қилаётганлари Роббиларига васила изларлар, қайсилари яқинроқ эканини (билмоқ учун). Унинг раҳматини орзу қилурлар ва азобидан қўрқурлар. Албатта, Роббингнинг азоби ҳазир бўлишга лойиқдир. (Ўзи Аллоҳнинг раҳмати орзуида юрган кимса қандай қилиб бировни раҳмат қила олади? Ўзи Аллоҳнинг азобидан қўрқиб турган кимса қандай қилиб бировни азоблай олади? Шунга қарамасдан, Аллоҳнинг азобидан қўрқмай, бир пулга арзимайдиган нарсаларни уУга шерик қилиб юрганларга ҳайронсан)
59.Бизни оят-мўъжизаларни юборишимиздан фақат аввалгиларнинг уларни ёлғонга чиқарганлари ман қилди. Самудга туяни кўз очувчи (мўъжиза) қилиб бердик. Бас, унинг сабабидан (ўзларига) зулм қилдилар. Биз оят-мўъжизаларни фақат қўрқитиш учунгина юборурмиз. ( Қурайш кофирлари ҳам худди ўзларидан олдинги кофирларга ўхшаб, оят-мўъжизаларни кўрса ҳам, иймонга келмасликлари турган гап. Бу масаланинг бир томони. Иккинчи томони эса, талабга биноан мўъжиза келтирилгандан кейин ҳам иймонга келмаган қавмни Аллоҳ таоло таг-томири билан йўқ қилиб юбориши керак. Муҳаммаднинг (с. а. в.) умматлари охирги уммат бўлганлари учун уларни бутунлай ҳалок этишни Аллоҳ ирода қилмаган. Бу уммат қиёматгача туриши керак
60.Биз сенга: «Албатта, Роббинг одамларни иҳота қилиб ўраб олгандир», деганимизни эсла. Биз сенга кўрсатган нарсаларни ва Қуръонда лаънатланган дарахтни фақат одамлар учун синов қилдик, холос. Ва уларни қўрқитамиз. Бас, бу улар учун катта туғёндан бошқани зиёда қилмас. (Пайғамбарнинг (с. а. в.) Исро ва Меърожда кўрган нарсалари одамлар учун синов бўлганидек, Қуръонда лаънатланган дарахт ҳам синов бўлди. Қуръонда лаънатланган дарахтдан мақсад Заққум дарахтидир. Ушбу Заққум дарахти ҳақида ас-Соффат сурасида: «... ёки Заққум дарахтими? Дарҳақиқат, Биз уни золимлар учун фитна қилиб қўйдик. Албатта, у дўзах қаъридан чиқадиган дарахтдир. Унинг шингиллари худди шайтонларнинг бошларига ўхшайди. Бас, албатта, улар ундан егувчилардир ва ундан қоринларини тўлдиргувчилардир. Сўнгра, албатта, улар учун унинг устидан қайноқ сувли ичимлик бўлур», дейилган. Ушбу оятдан ҳам Заққум дарахти нима учун Қуръонда лаънатлангани аниқ кўриниб турибди
70.Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик. (Аллоҳ таоло қуруқликда ҳам, денгизда ҳам инсон боласи учун турли уловларни яратиб, шунга биноан қонун-қоидаларни жорий қилиб қўйди. Бу ҳам Аллоҳ одам боласини азизу мукаррам қилганидандир. Афзалликда унга яқин кела оладиган махлуқот оламда йўқдир. Барча махлуқотлар одам боласи учун беминнат хизматкордир. Лекин бу афзалликнинг жавобгарилиги ҳам бор. Қиёмат куни ҳар бир берилган афзаллик ва неъматлардан сўралади. Ҳисоб-китоб қилинади)
71.Биз барча одамларни ўз имомлари ила чақирадиган кунни (эсла). Кимга китоби ўнг томонидан берилса, бас, ана ўшалар китобларини ўқирлар ва уларга қилчалик зулм қилинмас. (Аҳли жаннатларнинг, яъни, жаннатга элтувчи амал қилиб ўтганларнинг номаи аъмол китоби ўнг томонидан берилади. Ана ўшанда улар амаллари битилган китобларини мароқ билан ўқийдилар. Ёруғ дунёда ана шундай ишлар қилиб яшаганларидан мамнун бўладилар. Уларга ажру савоблар тўлалигича берилади, заррача зулм қилинмайди)
73.Сени Биз ваҳий қилган нарсадан фитна орқали буриб, Бизнинг шаънимизга бошқасини уйдиришингга ундашларига оз қолди. Шундай бўлган тақдирда, албатта, сени дўст тутар эдилар. (Мушриклар турли йўллар билан Муҳаммадни (с. а. в.) Аллоҳ юборган ваҳийдан буриб юборишга кўп уриниб кўрганлар
76.Улар сени бу ерда безовта қилиб, ундан сени чиқариб юборишларига оз қолди. Шундай бўлган тақдирда, сендан кейин улар озгина муддатдан бошқа тура олмаслар. (Бу қилмишлари учун Аллоҳ таоло уларни ҳалок қилган бўларди. Аллоҳ уларни ҳалок қилишни истамагани учун Пайғамбарни (с. а. в.) Маккадан чиқаришларига йўл қўймади. Балки Пайғамбарнинг (с. а. в.) ўзларига чиқиб кетишни амр қилди
78.Қуёш оғишидан то кун қоронғусигача намозни тўкис адо қил. «Фажр Қуръони»ни ҳам. Албатта, «фажр Қуръони» гувоҳлантирилгандир. (Уламоларимиз, бу оятда беш вақт намозни адо этишга ишора бор, дейдилар. Қуёш қиёмдан оғиши билан Пешин вақти киради. Ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баравар бўлиши билан Аср вақти киради. Қуёш ботиши билан Шом ва тун қоронғусида Хуфтон вақти бўлади. «Фажр қуръони», Бамдоддир)
85.Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар. Сен: «Руҳ Роббимнинг ишидир. Сизга жуда оз илм берилгандир», деб айт. (Яҳудийлар руҳ ҳақидаги саволга Аллоҳдан бошқа ҳеч ким жавоб бера олмаслигини аввалдан билганлар. Тавротда шу ҳақда маълумот бўлган. Улар қурайшликларга Пайғамбардан (с. а. в.) руҳ ҳақида сўрашни ўргатишлари билан баробар, агар жавоб берса, Пайғамбар эмас, жавоб бермаса, ҳақиқий Пайғамбар бўлади, дейишган. Муҳаммад (с. а. в.) ҳақиқий Пайғамбар бўлганлари учун ҳам, руҳ ва унинг моҳияти ҳақидаги саволларга жавоб бермадилар. Аллоҳ таоло берган жавобни уларга ўқиб бердилар
89.Батаҳқиқ, ушбу Қуръонда одамларга турли мисолларни баён қилдик. Бас, одамларнинг кўплари куфрдан бошқа нарсадан бош тортдилар. (Аллоҳ таоло Қуръони Каримда одамларни иймонга чорловчи, ҳидоятга йўлловчи, уларнинг қалбларини, ҳис-туйғуларини, ақлларини ишга солувчи турли мисолларни баён қилди. Аммо буни идрок эта олмаган инсонлар ҳамма нарсадан бош тортдилар)
94.Одамларга ҳидоят келган пайтда иймон келтиришларидан манъ қилган нарса фақат, Аллоҳ башардан Пайғамбар юборадими, дейишлари бўлди. (Улар фариштадан кўра, Аллоҳ одамни азизу мукаррам қилиб қўйганини англаб етмас эдилар. Агар одам Аллоҳнинг йўлида юриб, буюрган ишларини қилиб, қайтарганларидан қайтса, фариштадан афзал бўлишини идрок этмас эдилар)
95.Сен айт: «Агар ер юзида фаришталар хотиржам юрганларида, уларга осмондан фаришта Пайғамбар туширган бўлар эдик». (Ер юзида яшаб юрганлар одамлар бўлгани учун уларга одамларни Пайғамбар қилди. Агар ер юзида хотиржам яшаб юрганлар фаришталар бўлганида, уларга осмондан фаришта Пайғамбар туширган бўлар эди)
96.Сен: «Мен билан сизнинг орамизда гувоҳликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур. Албатта, У Ўз бандаларидан хабардор ва уларни кўриб тургувчи зотдир», деб айт. (Одамлар ҳақиқатни, Пайғамбарлик нима эканини англашни хоҳламасалар, улар билан тортишишнинг ҳожати йўқ, уларни Аллоҳнинг ўзига ҳавола қилиб қўйиш керак)
97.Аллоҳ кимни ҳидоят қилса, ўша ҳидоят топгувчидир. У кимни адаштирса, уларга Ундан ўзга зинҳор валийлар топа олмассан. Уларни қиёмат куни юзтубан, кўр, кар, соқов ҳолларида тўплармиз. Уларнинг турар жойлари жаҳаннамдир. У қачон сокин бўлса, уларга оловни зиёда қилармиз. (Аллоҳ таоло, ақлини ишлатиб ҳидоят йўлини ихтиёр этган бандаларини ҳидоятга бошлайди. Ана ўша одам ҳақиқий ҳидоят топган одам бўлади. Ҳавои нафсининг гапига кириб, залолат йўлини ихтиёр этганларни эса, залолатга кетказади)
101.Батаҳқиқ, Биз Мусога тўққизта очиқ-ойдин оят-мўъжиза бердик. Бани Исроилдан уларга у (Мусо) келган пайтини ўрагин. Бас, Фиръавн унга: «Албатта, мен сени, эй Мусо, сеҳрлангансан деб ўйлайман», деди. (Мазкур тўққиз мўъжиза–қўл, асо, тўфон, чигиртка, бит, бақалар, қон, очарчилик йиллари ва меваларнинг камчил бўлиши эди. Бу мўъжизалар ҳақида Аъроф сурасида ва бошқа сураларда сўз кетган)
102.У: «Ановиларни кўзни очгувчи қилиб, осмонлару ернинг Роббидан ўзга ҳеч бир зот туширмаганини яхши биласан. Албатта, мен сени, эй Фиръавн, ҳалок бўлгувчисан деб ўйлайман», деди. (Анови тўққиз очиқ-ойдин мўъжизаларни ғафлат уйқусида қолганлар учун кўзини очувчи қилиб осмонлару ернинг Робби туширганини, ундан ўзга ҳеч ким тушира олмаслигини яхши биласан. Лекин шундай бўлса ҳам, инкор қилмоқдасан)
103.Бас, уларни ердан қўзғатиб чиқармоқчи бўлди. Шунда биз уни ва у билан бирга бўлганларни жамлаб ғарқ қилдик. (Фиръавн Мусони (а. с.) ва у кишининг қавмлари Бани Исроилни Миср еридан қўзғатиб чиқармоқчи бўлди. Шунда Аллоҳ таоло Фиръавнни ва унинг қавмини жамлаб денгизга ғарқ қилди. Ҳаммалари ҳалок бўлдилар
107.Сен: «Унга иймон келтиринглар ёки иймон келтирманглар барибир. Албатта, ундан олдин илм берилганлар у уларга тиловат қилинганда юзлари ила саждага йиқилурлар», деб айт. (Ушбу оят сажда ояти бўлиб уни ўқиган ёки эшитган одамга қироат саждаси қилишлик вожиб бўлади. Қуръондан олдин илм берилганлар деганда Таврот ва Инжил берилганлар тушунилади. Аллоҳни таниганлар, дин-диёнат, Пайғамбар, илоҳий китоб, ваҳий, фаришта каби нарсалар нима эканини биладиганлар уларга Қуръони Карим тиловат қилиниши билан ўзларини тута олмай саждага йиқиладилар)